Истиқлол қасидаси
Блог им. jafar-muhammadКезиб дашту биёбонни, яна дарёга юзландим,
Висол орзусида Мажнун каби Лайлога юзландим.
Ғуборлар тинди қалбимда, санамлар синди қалбимда,
Биҳамдуллаҳ, яна ул дилбари яктога юзландим.
Кечиб ёлғончи доҳийдан, қизил туғли сипоҳийдан,
Бухорийдек Имому соҳиби фатвога юзландим.
Ватан ичра жаҳон топдим, муқаддас ошиён топдим,
Кичик дунёдан ўтдим, олами Куброга юзландим.
Яна топдим нишонимни, жасур Соҳибқиронимни,
Демакким, ўзлигимни топдиму дунёга юзландим.
Навоий қасрига кирдим, саодат асрига кирдим,
“Хазойин ул-маоний” орқали маънога юзландим.
Ҳумо қуш қўнди бошимга, яна ёш қўшди ёшимга,
Ҳумоюн сингари Бобур – улуғ Мирзога юзландим.
Қанотим бўлди истиқлол, баётим бўлди истиқлол,
Саодатдан яралган жаннат ул-маъвога юзландим.
Йигирма йилда юз йилни, босиб ўтган гўзал элни,
Юракдан қутлаб, эй Жаъфар, баланд туғрога юзландим.