avatar
Куч
729.95
Рейтинг
+278.21

Жаъфар Холмўминов

Мақолалар

МИРЗО УМАР ДАРБАНДИЙ НАҚШБАНДИЙ

Блог им. jafar-muhammad

(1910-1987)


 


Нақшбандий ориф шоир Мирзо Умар Дарбандий (Хўшачин) 1910 йилда Бойсун туманидаги Дарбанд қишлоғида саводли хонадонда туғилган. Бошланғич таълимни эски мактабдан олгач, диний саводини мукаммаллаштириш мақсадида Қори Миёнжон, Домулло Девонқул, Мулла Муҳаммадқул ва Қори Абдуҳофиз каби ўша даврнинг олим ва фозил кишиларидан қироат, тафсир, фиқҳ, ҳадис ва сарфу наҳв илмларини ўрганган. Мустабид шўролар тузумининг бешафқат сиёсати Мирзо Умар ҳаётини ҳам зимистонга айлантиради. 18 ёшида уни бой ва мулла ўғли деб, қамайдилар. 17 йиллик умрини сургун ва қамоқларда хазон қилган Мулла Мирзо Умар, 1945 йили авф этилади. Аммо ундан кейин ҳам тазйиқу қувғинлардан қутила олмайди. У ўша даврда Сурхондарёда тариқат аҳлининг пири муршиди бўлган Миёнжон эшон раҳнамолигида нақшбандия таълимотининг сайру сулукини ўрганишга бел боғлайди. Хожа Ҳофиз Шерозий, Шайх Саъдий, Жомий, Навоий, Бедил, Машраб ва Сўфи Оллоёр меросини катта қизиқиш билан ўрганади. Мирзо Умардан ўзбек ва тожик тилларида қўлёзма ҳолидаги бир нечта дафтар ғазаллар ва мухаммаслар қолган. Асосан аруз вазнида ёзилган ушбу ғазал ва мухаммаслар кўпроқ диний-ирфоний ва ахлоқий аҳамиятга эга. Шоирнинг сўфиёна оҳангларда битган шеърлари, торган азоб-уқубатларини тасвирлайдиган битиклари ўзининг мазмундорлиги ва мусиқийлиги билан ажралиб туради. Шоирнинг шеърларини мутолаа қилар эканмиз, уларда Қуръони карим оятлари, ҳадис ўгитлари, тасаввуф ҳикматлари, “Қасас ул-анбиё” қиссалари “Маслак ул-муттақийн” ўгитларининг таъсири нақадар кучли эканлигини ҳис этамиз. Мирзо Умар адабий меросидан намуналар 2001 йили “Муножот” ном билан “Фарғона” нашриётида тўплам ҳолида чоп этилган.


 


                                                                                               МИРЗО УМАР ДАРБАНДИЙ


                   


Топмадим


 


Оҳ, найлай соғинибман, дилда борим топмадим,


Қиблагоҳим, шоҳбозим, шоҳсуворим топмадим.


Хоки Тошкент қолмади, ул хоксорим топмадим,


Дунёни сайр айладим, ҳожатбарорим топмадим,


Қолди дийдор то қиёмат, ғамғусорим топмадим.


 


Кўп шаҳидлар ичра кирдим, додлаб-бедодлаб,


Қиблагоҳим қайдасиз деб, ҳар замон фарёдлаб,


Ҳам гиёҳларга сўраб чиқдим, қилиб оғозлаб,


Қурту қушларга сўраб, гўё бўлиб ҳамрозлаб,


Еру кўкни изладим, кўнгил мадорим топмадим.


 


Кўп гўристонни кездим, шермардлар зери по,


Навниҳоллар, бир неча шамшодлар бўлган фано.


Нечалар бўлғон экан, ёру азизлардин жудо,


Кимки бўлса бу жаҳонда яхши ул ёри Худо,


Ҳасрато, кўп изладим, лек шаҳриёрим топмадим.


ЖОМИЙ ВА ЕВРОПА(2)

Блог им. jafar-muhammad

«Шарҳи рубоиёт» биринчи маротаба таниқли рус шарқшунос олими Е.Э.Бертельс томонидан тадқиқотга жалб этилган. Е.Э.Бертельс ўзининг «Абдураҳмон Жомийнинг «Шарҳи рубоиёт» асари ҳақида» номли мақоласида «ҳалигача жиддий эътибор берилмаган»[1] бу асар хусусида қисқача маълумот бериб ўтади. Жумладан, у германиялик шарқшунос олим В.Перчнинг Жомий асарлари феҳристида[2] «Шарҳи рубоиёт»нинг Жомий асари эканлигини шубҳа остига қолдирадиган мулоҳазаларини қуйидаги далиллар билан рад этади:


1) Асардаги рубоийлар Жомий девонларида учрамайди. Бу –  табиий ҳол. Чунки уларнинг ҳар бири ўз шарҳи билан мукаммал ҳисобланади. Умуман, наср билан бирга келтирилган рубоийлар девонга киритилмаган.


2) Тил нуқтаи назаридан, бу асар Жомийга нисбат бериладиган бирон бир алоҳида хусусиятга эга эмас. Ундаги рубоийлар гўзал бир тилда ёзилган, бирон ортиқча пардоз берилмаган. Аммо арабча сўзлари жуда кўп. Бу ҳам табиий. Чунки асарнинг мазмун-мундарижаси шуни тақозо этган. Асар шундай бир услубда ёзилганки, унинг сўз санъатининг моҳир устаси ва ирфон фалсафасининг билимдон бир олими томонидан ёзилганига ҳеч қандай шак-шубҳа қолдирмайди.


ЖОМИЙ ВА ЕВРОПА(1)

Блог им. jafar-muhammad

Улуғ шоир ва мутафаккир Мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳаёти, адабий-бадиий ва фалсафий-ирфоний мероси Европа мамлакатларининг шарқшунос олимлари ва адибларининг диққат-эътиборини доимо ўзига жалб этиб келган. Бу борада айниқса йирик шарқшунос ва исломшунос олимлар – Ҳ.Массе, А.Арберри, Э.Браун, Е.Э.Бертельс, А.Шиммель, У.Читтик, Я. Ришар, Н.Ҳирр ва бошқалар қимматли тадқиқотлар яратганлар. 


Албатта, Жомий ҳаёти ва ижодига  бўлган қизиқиш Европада анча илгари бошланган. Жумладан, 1824 йили Мавлоно Жомийнинг “Юсуф ва Зулайхон” досиони Винсес фон Розенсвайг-Шваннау томонидан немис тилиги таржима қилиниб, нашр этилган.[1] Аммо унинг адабий ва илмий меросини жиддий тарзда ўрганиш XX асрдан бошланади. Жумладан, Ҳ.Массе Жомийнинг “Баҳористон” асарини 1925  йили француз тилига таржима қилиб, Жомий ҳаёти ва ижоди хусусида қисқача маълумот билан бирга 1925 йилда Парижда нашр эттирди. Кўп ўтмай, Эдвард Браун ўзининг “Форс адабиёти тарихи” китобида Жомий ҳаёти ва ижоди хусусида муфассал маълумот бериб ўтди[2].  Э.Брауннинг ушбу асарида гарчи Жомий ҳаёти, ижоди ва қарашлари ҳақида янги фикр-мулоҳазалар кўзга ташланмаса-да, Европада Жомий ҳақида муфассал тарзда маълумот берувчи илк манба сифатида алоҳида аҳамиятга эга.


ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ ВА УНИНГ ҒАРБ АДАБИЁТИГА ТАЪСИРИ (5)

Блог им. jafar-muhammad

РУМИЙ ВА АМЕРИКА


Америка Румий ижоди ва қарашлари билан  кечроқ танишди. Румий ҳақидаги илк америкача тасаввур гарчи Марк Твен асарлари қаҳрамонлари тилидан янграган бўлса-да, бу улуғ мутафаккир ижодига нисбатан жиддий қизиқиш ХХ асрнинг иккинчи яримидан сўнг бошланди.


         Мавлоно Жалолиддин Румийнинг Америкада шуҳрат қозонишига “Мусаввир Румий”( The Illuminated Rums, New York, Broadway Books, 1997) номли китоб ёзган Колеман Баркс сабабчи бўлди.  Бу асар қисқа фурсат ичида китобхонлар орасида  катта шуҳрат қозонди.


         1994- йилнинг декабрида “Пир публикейшн энд Суфи Буукс” нашриёти Мавлоно билан Шамс ўртасида бўлиб ўтган мулоқотнинг 750 йиллиги муносабати билан ажойиб бир ташаббусга қўл  урди. Унга кўра, ташаббускорлар Рилке, Лорка  ва Мавлавий шеърларини  куйлаш учун бир гуруҳ хонандалар билан бирга Колеман Барксни “Манҳаттен симфоник” клубига таклиф этишди. Улар томонидан Румий достони асосида тайёрланган “Уч балиқ” номли лавҳа америкаликларнинг диққат эътиборини жалб этди.


         Америкалик матбуотчилардан бири Ричард  Бруккер  Қўнёда Мавлавий  мақбарасини  зиёрат қилгач, бутун вужуди билан  унинг таъсирига  тушди ва   “Исломни  радикал  ва  фундаменталист  деб  талқин  қилиш керак эмас”, деган хулосага келди.


ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ ВА УНИНГ ҒАРБ АДАБИЁТИГА ТАЪСИРИ (4)

Блог им. jafar-muhammad

РУМИЙ БОСНИЯ ВА ГЕРЦАГОВИНАДА


         Усмонли турклар Боснияга  лашкар  тортган пайтдан,  яъни XV-асрдан  буён Босния халқи Мавлавий номи ва унинг  асарлари билан таниш. Чунки Усмонли турклар қаерга  бормасинлар ўша ерда  хонақоҳлар қуриб, уларда  зарур расм-русумларни (амалларни) бажарар эдилар.


         XV асрда Исобек Исҳоқович Сараево шаҳрини бунёд этиб, 1469- йилда мусофирлар учун  хонақоҳ қуради. Бу хонақоҳ вақфномасида бирон фирқа ёки Мавлавия тариқатининг номи келтирилмайди, лекин ўз-ўзидан маълумки, бу хонақоҳ Мавлавия тариқати ва унинг маросимлари  учун қурилган.


         Нима бўлганда ҳам усмонли турклар истилосидан буён Боснияда “Маснавий”         бозори анча қизиди. Усмонли турклар орасида шундай  атоқли  шоирлар  бор  эдики, улар “Маснавий”га алоҳида эътибор берар эдилар. Мисол учун  Пошшо Боязид Агич “Дор ул-маснавий” қурди ва унда “Маснавийи маънавий”ни ўқитишга киришди. “Маснавий”га ёзилган шарҳлар орасида Босния халқи  диққат-эътиборини тортган Фавзий Мусторийнинг шарҳидир. У “Булбулистон” китоби муаллифи бўлиб, Боснияда юксак шон-шуҳратга эришди.


ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ ВА УНИНГ ҒАРБ АДАБИЁТИГА ТАЪСИРИ (3)

Блог им. jafar-muhammad

РУМИЙ ВА ОЛМОНИЯ


1821 йилда Фридрих Август Деофидус Тоулук (1799-1877) исмли  бир  протестант поп “Вахдати вужуд” фалсафаси ҳақида китоб ёзиб, унда Шарқ шоирлари орифона  шеърларининг  немис тилидан таржималарини ҳам  киритган.


         Тоулук  ўзининг  бошқа  китобида  Мавлавийни  пир, деб билади ва дуо  ҳақида  анча  мавзуларни  кўтаради. Мазкур китобда Тоулук “Маснавийи Маънавий” нинг учинчи дафтари (жилди)  дан  байтлар келтириб,  “Мавлавий дуолари айнан ижобий бўлади” деган хулоса чиқаради-да, бундан ўзи ҳам ҳайрон бўлади.


         Кейинчалик диалектика мактаби  назариётчиси ва файласуфи Георг  Вильгельм Фридрих Гегель (1770-1831) Тоулук асарларини  мутолаа  қилади.  Тоулукни ҳайрон бўлишига сабаб бўлган нарсалар,  уни  хурсанд  қилди.  Гегель шу даражада Мавлавий қарашларининг таъсирига тушиб  қоладики, унинг “ваҳдати вужуд” назариясини ўзининг “Фалсафий фанлар  энциклопедия”сида  келтиради. Румий “ақл”ни “ақли кулл” ва “ақли жуз”га бўлади. “Ақли кулл” Румий назарида илоҳий Мутлақ вужуднинг пайғамбарликни юзага келтирадиган биринчи аёнлашуви (таъайюни аввал)дир


                   Ин жаҳон  як  фикрат аст аз Ақли кулл,


                   Ақл чун шоҳ асту  сувратҳо русул.


                            Мазмуни:


Бу  жаҳон Ақли Куллдан  бир фикратдир


Ақл – шоҳ,  сувратлар эса элчилар кабидир.


ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ ВА УНИНГ ҒАРБ АДАБИЁТИГА ТАЪСИРИ (2)

Блог им. jafar-muhammad

РУМИЙ ВА ФРАНЦИЯ


Румийнинг маънавий жозибаси ва таъсиридан француз адиблари ва олимлари ҳам четда қолмадилар. Бу ҳолатни ҳам франциялик адибларнинг асарларида, ҳам ушбу мамлакат олимларининг тадқиқотларида кузатиш мумкин.


 Румий ҳаёти ва қарашларига қизиққан франциялик илк мухлис Клемент Ҳаворт (1854-1926) эди. У француз сайёҳларидан бўлиб, бир қанча муддат Қўнёда яшаган. Айнан ана шу даврда сўфий дарвешларнинг зикру самоъ мажлисларидан олган таассуротларини “Қўнё – дарвешлар шаҳри” ва “Ўрта Осиёга сафар хотиралари” номлари билан  ҳисобот тарзида  нашр эттирди. Румий ҳаёти ва ижодига бўлган қизиқиш эса уни 1800 йилнинг охирларида Афлокийнинг “Маноқиб ул-орифин” асарини (Румий ҳақидаги маноқиб) француз тилига таржима қилишга ундади.


Клемент Ҳавортдан кейин Маурис Боррес унинг асарларига жиддий аҳамият беради. Романнавис ёзувчи ва сиёсатчи Боррес шарқ халқлари ҳаёти ва маданиятига қизиқиб, Ҳавортдан олган шарқ  адабиётига  доир  маълумотлари туфайли  1914 йилда  Туркияга  сафар қилади ва ушбу сафар натижасида “Шарқ  мамлакатларини ўрганиш” номли  сафарномаси дунё  юзини  кўради. Охир-оқибат Боррес шунчалик Мавлавий қарашлари таъсирига  тушиб  қоладики, умр бўйи унинг фикри-зикри  билан яшайди.  Уни ҳаммадан  кўпроқ қизиқтирган нарса – дарвешларнинг давра қуриши  (айланиши) ва уларнинг зикр  тушишлари билан боғлиқ маросимлар эди.


ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ ВА УНИНГ ҒАРБ АДАБИЁТИГА ТАЪСИРИ (1)

Блог им. jafar-muhammad

Кўҳна Шарқ асрлар давомида ғарбликлар диққатини ўзига жалб этиб келган. Ҳамиша афсонавий ва сирли бўлиб туюлган Шарқ ўзининг адабиёти ва санъати билан ҳам Европа халқларини мафтун этганлиги сир эмас. Айниқса, Шарқ адабиётининг даҳолари – Рудакий, Фирдавсий, Ибн Сино, Хайём, Низомий, Аттор, Румий, Саъдий Ҳофиз, Жомий, Навоий, Бобур ва Бедилнинг инсондўстлик ва ҳаётсевалик ғоялари билан йўғрилган адабий-илмий мероси Ғарб шоир ва ёзувчиларини илҳомлантириб келган.  Аммо, ана шу улуғ мутафаккирларимиз орасидан буюк шоир, мутафаккир, “Мавлавия” тариқатининг асосчиси Мавлоно Жалолиддин Румий (Балхий) номи ва маънавий мероси европаликларга кўпроқ таниш. Машҳур румийшунос олима Аннемарие Шиммел таъбири билан айтганда, “Ғарбда ислом орифларидан ҳеч ким Жалолиддин Румий даражасида танилган эмас.” Хўш, улуғ олмон файласуфи  Гегелнинг диалектика ҳақидаги назарияси учун сарчашма бўлиб хизмат қилган Румий тафаккури Европа адабиёти, фалсафаси ва умуман, маънавий ҳаётида қандай ўрин тутади?  


Ишққа ошиқ кўнгил

Блог им. jafar-muhammad

Жаъфар Муҳаммад, “Ошиқи ишқ” [“Ишқ ошиғи”], шеърий тўплам, Тошкент, “YANGI NASHR”, 2011.


 


Инсоннинг ўз ота-онаси, яқинлари ва ватанига, олам ва ундаги барча жонли ҳамда жонсиз мавжудотларга, ҳаёт ва унинг гўзалликларига боғлаб турган нарса бу ишқдир. Деҳқоннинг ердан униб чиққан буғдойи, боғбоннинг ҳосил солган меваси, ҳунарманднинг ясаган буюми, олимнинг ёзган китоби, рассомнинг чизган расми, ҳайкалтарошнинг ясаган ҳайкали, наққошинг ўйган нақши ҳам уларнинг қалбида барқ урган ишқнинг маҳсулларидир. Дунёни шунчалик зебо қилган ҳам, ушбу зеболикка ошно қилган ҳам, ушбу зеболикка ошно бўлган шоирларнинг тилларини шеърга гўё қилган ҳам ишқдир. Ишқ энг гўзал санъат асари: энг гўзал тасвир, энг гўзал ҳайкал, энг гўзал нақш, энг гўзал шеърдир. Ишқ кўнгилнинг энг гўзал қасидасидир:


 


Эй шеъри баргузидаи дил: Ишқ, Ишқ. Ишқ.


Зеботарин қасидаи дил: Ишқ, Ишқ. Ишқ.


 


(Мазмуни: Эй кўнгилнинг танлаган шеъри: Ишқ, Ишқ. Ишқ. Кўнгилнинг энг гўзал қасидаси: Ишқ, Ишқ. Ишқ.)


 


Инсонни Ошиққа айлантирган, Ошиққа айланган инсоннинг кўнглидан жой олган, натижада Ошиқнинг кўнглига айланган Ишқнинг ўзи ҳам севиш, муҳаббат кўрсатиш ва ошиқ бўлиш объектига айлана олади. Ишқ туфайли Ошиққа айланган шоир Ишқнинг ўзига-да ошиқ бўлиб қолади:


 


Солҳо бар ишқ ошиқ будаам,


Ошиқи ишқе ситамгорам ҳанўз.


 


(Мазмуни: Йиллар давомида ишққа ошиқ эдим, ҳали ҳам ситамкор бир ишқнинг ошиғиман.)


Ишқ ва ҳаёт куйчиси

Блог им. jafar-muhammad

Ишқ ҳаётнинг сарчашмаси, озуқа манбаси, ҳаракатлантирувчи кучи, унинг бардавомлигини таъминловчи омил. Ишқ тириклик белгиси. Инсоннинг ўз Яратганига, ота-онасига, яқинларига, севганига, ватанига, бутун инсониятга, бутун оламга… бўлган ишқи, муҳаббати бир томондан инсоннинг тирик эканлигини, тириклик оламида юрганини билдирса, иккинчи томондан ҳаётнинг, тирикликнинг ҳали мавжуд эканлигини, ҳали давом этаётганлигини кўрсатади. Ҳали ишқ бор экан, ҳали қалбларда ишқ туйғуси йўқолмаган экан, ҳали инсон ошиқ экан, ҳаёт бор, баҳорлар бор, ёр васлининг муаттар ҳидлари бор…


Бирав, бирав, насими субҳидам


Бу лолаҳо бигў:


Ҳанўз ишқ ҳаст,


Баҳор ҳаст.


Ба лолаҳо бигў:


Ҳанўз бўйи васли ёр ҳаст…


 


(Мазмуни: Эй тонг шаббодаси, бориб лолаларга айтгин: ҳали ишқ деган нарса йўқолиб кетмаган, баҳор ҳам ўтиб кетганича йўқ. Лоларга айтгин: ҳали ёр васлининг ҳиди таралиб турибди.)


Мен, Қамар, ойбалиқ

Блог им. jafar-muhammad

Дўстим Олимжон Давлатовга

 

Кеча боргандим

Булоқ бошига.

Қарасам, на Ойбалиқ

На Қамар бор эди.

Фақат

Ёлғизлигимнинг синиқ тасвири

Менга ёр эди.

 

Аммо

Борлиқнинг мунаққаш кошонасида

Мен ёлғиз эмасдим:

Бўйин томиримдан ҳам яқин

Худо бор эди.

Аммо, билмадим:

У Менга яқинроқмиди,

Ёки Мен Унга?

 

Хонамдан ҳам торроқ, хирароқ

Бир Дунё

Айланиб турарди теварагимда.

Аммо, билмадим:

Мен Унда яшаётганмидим

Ёки У Менда?


Мендаги Бойсун

Блог им. jafar-muhammad

Ёзги ҳовли.

Аср намози.

Бувам

Ихлос Қибласига юзланиб

Муҳаббатнинг яшил майсалари устида

Намоз ўқирди.

 

Бувим

Хотираларидан

Аббос ва Шокирга

Сават тўқирди.

 

Отам

Отини бойловдан бўшатиб

Оёқлари чигалини ёзишга чиқарди

Ёз бўйи конспект ёзишдан чарчаган

Асабини жиловлаб.

 

Онам

Онасидан

Мерос қолган ипларни тўзиб

Бойсуний шевада

Дўппи тикарди

Кетмончопти, Деворкамар, Бобоҳунинг

Шукуҳини жилолаб.

 

Укам Жамшид

Қирдан келаётиб

“Назарийнинг қизлари” қўшиғини куйларди.

 

Мен

Бувам қурган қамиш чайлада

Аруз билан чиллак ўйнардим:

“Мустфъилун, фаъулун, мустафъилун фаъул”.

 

… Кимдир менга Алпомишнинг

Достонини сўйларди...

Муғанний

Блог им. jafar-muhammad

Укам Абулфайз хотирасига

 

Қайси куйни чалиб кетдинг, муғанний?

Дилимга чўғ солиб кетдинг, муғанний!

Юрагимни олиб кетдинг, муғанний,

Қаерларда қолиб кетдинг, муғанний?

 

Дунё ғаму ташвишларга тўлиб кетди,

Райҳон экдим: хазон тегди, сўлиб кетди.

Сенсиз борлиқ остин-устун бўлиб кетди.

Қаерларда қолиб кетдинг, муғанний?

 

Сени эслаб, дарё-дарё селлар оқди,

Булоқларга бўлинди-ю диллар, оқди.

Кунлар оқди, ойлар оқди, йиллар оқди.

Қаерларда қолиб кетдинг, муғанний?

Бир бутун

Блог им. jafar-muhammad

Султонмурод Олимга

 

Бир кўзим ўзбегу, бир кўзим – тожик,

Бир юзим ўзбегу, бир юзим – тожик.

Осмоним ўзбегу, юлдузим – тожик,

Юрагим ўзбегу, мен ўзим – тожик.

 

Иккига бўлинган битта бутунман,

Бир она қўлида икки тугунман.

Бир ватан, бир уйга, бир хонадонга

Пойдевор ўзимман, ўзим сутунман.

 

Қонимда ўзбегу, жонимда тожик,

Жонимда ўзбегу, қонимда тожик.

Шодлигимдан шоду қайғумдан ғамгин –

Қошимда ўзбегу, ёнимда тожик.

 

Мени мендан жудо айлаб бўлурму?

Ўз-ўзига жафо айлаб бўлурму?

То Жомий ўзимман, Навоий ўзим,

Мени ҳеч бенаво айлаб бўлурму?

 

Бир кўзим тожику, бир кўзим – ўзбек,

Бир юзим тожику, бир юзим – ўзбек.

Осмоним тожику, юлдузим – ўзбек,

Юрагим тожику, мен ўзим – ўзбек.

 

Қайга юз тутсам...

Блог им. jafar-muhammad

Қайга юз тутсам, юзимни тирнагай тирноқлар,

Кўз тикар юз бир тикан, боссам қаён оёқлар.

 

Кимгаки, кўнглимни очсам, мамлакатга сочгуси,

Ҳар томондан бир ҳасадгў тиғини қайроқлар.

 

Эй шаҳарлик қиз, дилимни бунча вайрон айлама,

Айланар бир кун шаҳарларга гўзал қишлоқлар.

 

Сенга мен мағлуб бўлмоғим шарафдир, эй нигор,

Келу байрам қил, қўлимда бўлса оқ байроқлар.

 

Сен менинг шеъримдан, эй қаллоб, урсанг мисрани,

Эҳтиёт бўлгин: арузда кесилур бармоқлар

Гадолик

Блог им. jafar-muhammad

Шоҳмизми ё гадо, барчаси бекор –

Бандаи ожизмиз, Худо эмасмиз.

Фақир ҳам бўлсак-да, Ватан бағрида,

Ҳеч қачон бенаво, гадо эмасмиз.

 

Бу кўҳна бозорда гадолар бисёр:

Кимдир гул гадоси, пулгадо кимдир.

Кимдир нонга, кимдир тирноққадир зор,

Мансабу маснаддан мосуво кимдир.

 

Билсангиз, аслида менга ҳам мерос,

Энг яхши гадолик – сухангадолик.

Ҳеч кимга қолмасин мерос, илоё,

Энг ёмон гадолик – ватангадолик.

Қаноат

Блог им. jafar-muhammad

Майли, сен Боязид Бистомий бўлгин,

Термизий, Табризий ё Шомий бўлгин.

Сен майли, Навоий ё Жомий бўлгин,

Мен мурид мисоли бўлсам кифоя.

 

Сен Қорун бўлолсанг, бўлавер, дўстим,

Ганжина мисоли тўлавер, дўстим.

Майли, сен устимдан кулавер, дўстим,

Мен дарвиш тимсоли бўлсам, кифоя.

 

Майли, сен қудратли ғазанфар бўлгин,

Етти иқлим аро музаффар бўлгин.

Майли, сен Сулаймон пайғамбар бўлгин,

Кафтингда чумоли бўлсам, кифоя.

Қарамадинг...

Блог им. jafar-muhammad

Юрагимни чизиб бердим, қарамадинг,

Харитасин тузиб бердим, қарамадинг.

Форсий тилда айтолмаган дардларимни,

Туркийда ҳам ёзиб бердим, қарамадинг.

 

Қарамадинг, индамадинг, инонмадинг,

Юраккинам қонлар ютди, ҳеч қонмадинг.

Муҳаббатдан дунё хасдек ёниб кетди,

Сен тошмидинг, темирмидингки ёнмадинг?


Мени севгин....

Блог им. jafar-muhammad

Бу оқшомким, гўзал, ойдин, мени севгин, мени севгин,

Юракдан кетмасидан дин, мени севгин, мени севгин.

 

Бу дунёда хатолар кўп, жудоликлар, жафолар кўп,

Дилинг истайди гар таскин, мени севгин, мени севгин.

 

Агар бир хастадилсан сен, аламга бастадилсан сен,

Вужудингдан олиб бор тин, мени севгин, мени севгин.

 

Аё, эй кўзлари хуммор, Фарҳодинг эрур бедор,

Аё, эй лаблари Ширин, мени севгин, мени севгин.

 

Агар севолмасанг мени, Худони ҳеч севолмассан,

Унинг севгисидан олдин, мени севгин, мени севгин.

 

Гўзаллар кўп бу дунёда, валекин мен бу савдода,

Сени севдим, сени, омин! Мени севгин, мени севгин.

Севмасам...

Блог им. jafar-muhammad

Кўз юмай, гар бир нафас қошу кўзингни севмасам,

Кўр бўлай, илло, агар нону тузингни севмасам.

 

Қорлар ёғсин баҳоримда, ёзимда дўллар,

Гар сенинг, эй навбаҳорим, Наврўзингни севмасам.

 

Майли, бошимга бало ёмғирларин ёғсин фалак,

Гар қуёшингни, ойингни, юлдузингни севмасам.

 

Мен ўзимни топа олмасман, тополмасдан сени,

Сева олмасман ўзимни, то ўзингни севмасам.

 

Билки, мен олим эмасман, гапларингни уқмасам,

Билки, мен шоир эмасман, гар сўзингни севмасам.